Қозоғистонда суррогат оналик

Ёрдамчи репродуктив технологиялар (ЁРТ) – бепуштлик терапиясининг шундай усуллари бўлиб, бунда ҳомиладор бўлишнинг ва эмбрион ривожланиши илк даврларининг алоҳида ёки барча босқичлари организмдан ташқарида кечади.

Суррогат оналик – ёрдамчи репродуктив технологиялар сирасига кириб, бунда ҳомиладорлик ва фарзанд дунёга келишида уч киши иштирок этади. Булар:

  • генетик (биологик) ота – уруғлантириш учун ўз спермасини берган ва фарзанд туғилганидан сўнг оталик мажбуриятини зиммасига олишга рози бўлган шахс;
  • генетик (биологик) она – уруғлантириш учун ўз тухумҳужайрасини берган ва фарзанд туғилганидан сўнг оналик мажбуриятини зиммасига олишга рози бўлган шахс;
  • суррогат она – фарзанд кўриш ёшидаги аёл бўлиб, у беминнат ёки ҳақ эвазига генетик ота-онадан бўлган болани (эмбрионни) кўтариб юриб, дунёга келтиришга рози бўлади, шунингдек ушбу болага оналик даъвосини қилмайди.

Жаҳоннинг суррогат оналик қонун билан таъқиқланган Франция, Германия, Австрия, Норвегия, Швеция сингари давлатларидан фарқли ўлароқ Қозоғистон қонунчилигида суррогат оналикка руҳсат берилган.

2012 йил 7 январда Қозоғистон Республикасининг “Никоҳ (эр-хотинлик) ва оила” Кодекси кучга кирди. Илгари амалда бўлган 1998 йил 17 декабрдаги “Никоҳ ва оила ҳақида”ги Қозоғистон Республикаси Қонуни ўз кучини йўқотди. 

Қозоғистон Республикасининг “Никоҳ (эр-хотинлик) ва оила” Кодексининг 9-боби “Суррогат оналик ва ёрдамчи репродуктив услуб ва технологияларни қўллаш” деб номланади.

Кодекснинг 54-моддасида суррогат оналик шартномаси Қозоғистон Республикаси фуқаролик қонунчилиги талабларига риоя этилган ҳолда ёзма шаклда тузилиши ва нотариал тасдиқланиши шартлиги назарда тутилган. Турмуш ўртоқлар (буюртмачилар) суррогат оналик шартномаси билан бир қаторда ёрдамчи репродуктив услуб ва технологияларни қўлловчи ва уларга мос хизматларни кўрсатувчи тиббий муассаса билан ҳам шартнома тузадилар.

Кодекснинг 56-моддасида суррогат онага қўйиладиган талаблар белгилаб берилган.

Биринчидан, суррогат она бўлиш истагидаги аёлнинг ёши 20 дан 35 гача бўлиши даркор, унинг жисмоний, руҳий ва репродуктив саломатлиги қониқарли бўлиши ва бу тиббий муассаса хулосасида кўрсатилган бўлиши лозим, шунингдек мазкур аёл бундан аввал соғлом фарзанд кўрган бўлиши керак.

Иккинчидан, агар суррогат она рўйхатдан ўтказилган никоҳда бўлса, у ҳолда суррогат оналик шартномаси тузилаётган вақтда аёл турмуш ўртоғининг ёзма шаклдаги нотариал тасдиқланган розилиги тақдим этилиши даркор.

Учинчидан, ёрдамчи репродуктив услуб ва технологияларни қўллайдиган тиббий муассаса қўлланилган услуб ва технологиялар хусусида ва ишлатилган биоматериал ҳақида, ҳоҳ у болали бўлиш истагидаги шахслар биоматериали бўлсин, ҳоҳ донорлик банкидан бўлсин, тўлиқ маълумотлар кўрсатилган ҳисоботни тақдим этиши лозим.

Ҳисоботнинг бир нусхаси нотариал тасдиқланган суррогат оналик шартномасига илова қилинади ва битим тузилган жойда сақланади.

Кодекс 59-моддасида айтилишича, суррогат оналик шартномаси асосида турмуш ўртоқлар (буюртмачилар) ёрдамчи репродуктив услуб ва технологияларни қўллаш натижасида дунёга келган боланинг ота-онаси дея тан олинади.

Бошқача айтадиган бўлсак, туғруқдан сўнг боланинг генетик (биологик) онаси чақалоқнинг онаси дея расман қайд этилади ва шу дамдан бошлаб суррогат онанинг мазкур болага умуман алоқаси бўлмайди.

Генетик (биологик) ота-оналар суррогат онанинг тибий кўрикдан ўтиши, ЁРТнинг қўлланилиши билан боғлиқ ҳаражатларни қоплашлари, ҳомиладорлик даври, туғруқ пайти ва туғруқдан кейин 56 кун давомида, ҳомиладорлик ва туғруқ оғир ўтган бўлса туғруқдан сўнг 70 кун мобайнида суррогат онага кўрсатиладиган тиббий хизматлар учун тўловларни амалга оширишлари даркор.

Суррогат она мунтазам узлуксиз шифокор назоратида бўлиши ва унинг кўрсатмаларини сўзсиз бажариши даркор; “буюртмачилар”ни ҳомиладорлик қандай кечаётганидан мунтазам равишда бохабар қилиб туриши, энг муҳими суррогат оналик дастури доирасида дунёга келтирган болани “буюртмачилар”га бериши лозим.
Қозоғистонда суррогат онани танлаш ва мос тиббий муолажаларни тақдим этиш ЭКУ марказлари томонидан амалга оширилади.

Қандай қилиб суррогат она бўлиш мумкин?

Биз билан боғланинг

Мактуб мавзусини ёзишни унутманг